понедельник, 13 января 2020 г.

ИТТИФОҚ ДЕГАН ҚАМОҚХОНАДА ЎЗБЕККА НИМА БОР?

Евро-Осиё Иқтисодий Иттифоқига кириш-кирмаслик масаласи бўйича Ўзбекистонда бошланган қизғин муҳокамалардан четда тура олмаяпман. Виждоним йўл қўймаяпти.

Ўзбекистон Евро-Осиё Иқтисодий Иттифоқига (ЕОИИга) кириши керакми ёки йўқ?

“Ҳа!”, - дейдиганлар ўзбек халқига, Ўзбекистоннинг иқтисодий ва сиёсий мустақиллигига қарши қадам қўйишлари керак бўлади. “Йўқ!” – дейдиганлар эса Кремль ва Владимир Путинга қарши қадам босишлари керак бўлади. Хуллас, масала кимга қарши боришда: Россиядаги Кремльгами ёки Ўзбекистондаги халққами?

ЕОИИинг расмий хужжатларини ўрганиб ҳамда Иттифоққа кирган Қирғизистон ва Арманистоннинг оҳирги йиллардаги макроиқтисодий кўрсаткичларини таҳлил қилиб, мен ҳам: “Бу Иттифоққа кириб бўлмайди” – деган фикрга келганман.

Мақолани фикримга мухолиф бўлганларга, яъни ЕОИИга кириш тарафдорларига қарата ёздим. Қуйида ЕОИИга кириш тарафдорларига қатор саволлар йўллаб, уларга ўзимнинг изланиш ва таҳлилларим асосида ўзим жавоб бердим.

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни Туркия, АҚШ, Грузия, Украина ва ҳаттоки қўшни Туркманистонга (ЕОИИга кирмаган мамлакатларга) “Made in Uzbekistan” белгиси билан эмас, “Made in EAEU” белгиси билан экспорт қилишни истайсизми? Ундай бўлса, ЕОИИга киринг!

Чунки ЕОИИ Шартномасининг 41-моддасида Иттифоқ ўз ҳудудидан ташқарига экспорт қиладиган товарларни “Евро-Осий Иттифоқи товари” сифатида тақдим қилишни ҳамда Иттифоқ ҳудудида ишлаб чиқарилган ҳар қандай товар ёки маҳсулотни ягона маркировка қилишни илгари суриши белгиланган.

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни, қурилаётган йўлларни ва бошқа комуникацияларни ўзимизда, Тошкентда сертификациялаш жонингизга тегиб, уларни Москвада сертификациялашни истайсизми? Ундай бўлса, ЕОИИга киринг!

Чунки ЕОИИ Шартномасининг 53-моддасида Иттифоққа аъзо мамлакатларда ишлаб чиқарилган маҳсулотларга нисбатан Иттифоқ Техник регламенти (талаблари) жорий этилиши кўзда тутилган. Шу модданинг 2-бандида: “Иттифоқ Техник регламентининг таъсир доирасига киритилган маҳсулот Техник регламент томонидан ўрнатилган талабларга мувофиқлик текширувидан ўтгандан кейингина сотувга чиқарилади” – дейилган.

Бугун ўзининг мўъжаз цехида 100 фоиз пахта матодан футболка ишлаб чиқариб, Қозоғистон ёки Россияга бемалол экспорт қилиб ўтирган ўртаҳол Шерматвой эртага (Ўзбекистон ЕОИИга кирса) ҳудди шу маҳсулотни экспорт қилиш учун алоҳида мувофиқлик сертификати олиши керак бўлади. Тошкентга ариза беради, жавобини Москвадан, ЕОИИ Иқтисодий Комиссиясидан олади. Чунки ЕОИИ Шартномасининг талабларига кўра, Иттифоқнинг Иқтисодий Комиссиясига айрим товар ва маҳсулотларни ЕОИИ ҳудуди ва ундан ташқарига экспорт ёки импорт қилиш сертификатларига бўлган талабларни қабул қилиш ваколатлари юкланган. Шу “айрим товарлар”нинг ичида текстиль маҳсулотлари ҳам бор!

Шерматвой бир амаллаб ўз маҳсулотини Туркиягами ёки АҚШгами (ЕОИИдан ташқарига) экспорт қиладиган бўлса, унинг маҳсулоти, юқорида айтганимдек, “Made in Uzbekistan” белгиси билан эмас, “Made in EAEU” белгиси билан экспорт қилинади. Хориж бозорлари бу маҳсулотни ўзбек маҳсулоти деб эмас, Иттифоқ маҳсулоти деб қабул қилади ва танийди. Шу тариқа Ўзбекистон ЕОИИга кирадиган бўлса, кўра-била туриб ўзини дунё бозоридан бегоналайди, миллий экспортерларнинг миллий қиёфасини йўқ қилади.

СССР пайтида қишлоққа бир ҳожатхона қуриш учун ҳам Москванинг рухсатини олиш керак эди. Ўзбекистон ЕОИИга кирса, ҳожатхона қуриш учун Москвадан рухсат олмайди, лекин унинг лойиҳасини Москванинг талабларига мослаб чизиши ва сертификациядан ўтказиши шарт бўлади. Бу – ўша, эски рухсатноманинг замонавийроқ варианти! Фақат эндиликда Москвадан рухсат эмас, сертификат кутилади.

Миллий валютамизни ўзимизнинг эҳтиёжлардан келиб чиқиб, ўзимиз эмин-эркин муомалага чиқаришимиз жонга тегиб, сўмни Москванинг рухсати билан муомалага чиқаришни хоҳлаяпсизми? Унда ЕОИИга киринг!

Чунки ЕОИИ Шартномасининг  62-моддаси 1-бандида белгиланишича, “Иттифоққа аъзо давлатларнинг иқтисодиётларини ривожлантириш мақсадида аъзо-давлатлар бошқа аъзолар билан ҳамкорликдаги ҳаракатларни ишлаб чиқишни ва амалга оширишни кўзда тутувчи КЕЛИШИЛГАН макроиқтисодий сиёсат олиб боришади”. Ушбу моддага қистирилган 14-иловада аъзо мамлакатнинг макроиқтисодий сиёсати қандай усуллар билан “КЕЛИШИЛИШИ” аниқ ёзиб қўйилган.

Давлат бюджети параметрлари, бюджет дефицити ёки профицити, пул эмиссияси – ҳамма ҳаммасини Иттифоқнинг Иқтисодий Комисияси билан келишган ҳолда белгилашга тўғри келади. Қайси ўзбек вазирига ёки иқтисодчисига, банкирига ёки тадбиркорига Москвага тобеълик маъқул келса, ЕОИИга кираверсин!

Ўзбекистон ҳудудидаги Хива хонлиги, Қўқон хонлиги ва Бухоро амирлиги ҳатто Чор Россияси истилоси даврида ҳам олтин, кумуш, бронза тангалар ва қоғоз пулларни Оқпошшодан (Санкт-Петербургдан) сўрамасдан, ўзи билганича чиқаришган.

Ҳурматли аптекачилар, дори препаратларини импорт қилувчи жаноблар! Ўзбекистонга олиб кираётганингиз ҳар бир таблеткангизни Москвадаги ЕОИИ Иқтисодий Комиссиясининг сертификати ва рухсати билан импорт қилишни истайсизми? Унда, ЕОИИ сари олға!

Чунки ЕОИИ Шартномасининг 30- ва 31- моддалари Иттифоқ ҳудудига учинчи мамлакатлардан (яъни Иттифоққа аъзо бўлмаган мамлакатлардан) дори-дармон импорт қилиш учун Иқтисодий Комиссиядан лицензия ва сертификат олишни талаб қилади. Бу икки модда кичик иқтисодиётли аъзо-давлатларни фақат Россия ва Қозоғистонда ишлаб чиқарилган медикаментларни олишга мажбурлашга қаратилгандир. Шартноманинг 30- ва 31-моддалари Украинада ишлаб чиқарилган сифатлироқ ва арзонроқ препаратларни бозордан сиқиб чиқаришга ҳам мўлжаллангандир.

Алмисоқдан қолган совет планли иқтисодиётига қайтишни истаган иқтисодчилар борми? Бор бўлсангиз, устингиздан анқиётган нафталин ҳидидан ҳижолат чекиб ўтирманг-да, қўлингизга байроқ олиб, ЕОИИ сари отланинг!

Иттифоқ Шартномасининг 77-моддаси эски планли иқтисодиётни тиклашга қаратилган бўлиб, нарҳларни давлат назоратида ушлаб туриш амалиётини реанимация қилади. Кўчада XXI-аср, давлатнинг иқтисодиётдаги иштироки минималлашиб бораётган бир давр, шиддат билан ривожланиб бораётган бозор иқтисодиёти, эркин нарҳлар, гуркираб кетаётган электрон савдолар, биткоинлар! Ўзбекистон эса ана шу йўлдан кетиш ўрнига нарҳларни давлат бошқарувида ушлаб туришни талаб қилаётган ЕОИИ номли колхозга кирмоқчи. “Case” тракторларини улоқтириб, омоч тортаётган буқаларга миниш тараддудидамиз.

ЕОИИ Шартномасига кўра, Иттифоққа аъзо мамлакатлар яна кўплаб соҳаларда ўзаро келишилган ягона сиёсат олиб боришлари шарт. Масалан, ҳатто давлат ва маҳаллий ҳокимиятлар эҳтиёжлари учун қиладиган ҳаридларни ҳам, транспорт ва нақлиёт масалаларини ҳам, валюта сиёсатини ҳам Россия билан келишиб амалга ошириши лозим бўлади. Ўзбекистон бу ташкилотга кирадиган бўлса, ҳаттоки миллатимизнинг интеллектуал мулкини (инженерларимизнинг ихтироларини, олимларимизнинг кашфиётларини) ҳам Россияга улашишимизга тўғри келади.

ЕОИИ га киришимиз билан ахборот мустақиллигимиз ҳам автоматик равишда Россиянинг қўлига ўтади. Чунки Иттифоқ Шартномасининг 23- ва 24-моддалари Иттифоққа аъзо давлатларни миллий статистика ва ахборотни ЕОИИ Комиссиясига мунтазам тақдим этиб боришни талаб қилади. Масалан, 23-модданинг 3-бандида шундай дейилган: “Давлат информацион ресурсларининг ва ахборот тизимларининг самарали ҳамкорлигини ва мувофиқлашувини таъминлаш мақсадида Иттифоққа аъзо давлатлар ахборотлаштириш ва ахборот технологиялари соҳасида КЕЛИШИЛГАН сиёсат олиб боришади”.

Бу нима дегани? Шу дегани-ки, мисол учун, Кремль россияликларни жаҳон интернетидан узиб, суверен рус интернет тармоғини яратиш ишларини бошлаганини ҳисобга олсак, эртага Кремль Ўзбекистондан ҳам жаҳон интернетидан узилиб, суверен рус интернет тармоғига уланишни “илтимос” қила олади. Бу вазиятда Вавилон жаноблари ўзбекларга қарата: “Жаҳон Интернетига уланиб ўтиришларинг Иттифоқимизнинг ягона ҳудудига информацион жиҳатдан таҳдид солмоқда!” – дея ўшқира олади. Чунки Иттифоқ Шартномасидаги 23-модданинг 3-банди шуни талаб қилади. Чунки ЕОИИ Шартномасига кўра, унга аъзо давлатларнинг ҳудудлари ягона иқтисодий ва ахборот ҳудуди ҳисобланади.

Ҳайрият-ки, ҳали Мирзиёев бу Шартномани имзолагани йўқ. Лекин имзолашга яқин турибди.

ЕОИИ Шартномаси ҳаттоки юзаки таҳлил қилинса ҳам, бу хужжат ва умуман Иттифоқ фақат Россия ҳамда Қозоғистон манфаатлари учун тузилганини пайқаш қийин эмас. Масалан, Шартноманинг 71-моддасини олайлик!

Бу модда Иттифоққа аъзо давлатларнинг бирининг ҳудудидан иккинчисига кириб келган товарларни билвосита солиққа тортишни талаб қилади. Бунинг ҳеч бир ёмон томони йўқ, албатта. Лекин шу модданинг 2-бандида ёзилишича, бу турдаги солиқ миқдори шу товарни импорт қилган мамлакатда ишлаб чиқарилган миллий товарга қўлланиладиган солиқдан юқори бўлмаслиги керак.

Яъни, масалан, Қирғизистон ўзига Россиядан кириб келган товарга ўзбошимчалик билан билвосита солиқ қўя олмайди. Бундай солиқ миқдори қирғиз товарларига қўйилган солиқ миқдоридан ошмаслиги керак. Шартноманинг ушбу банди Қирғизистонга ўхшаган ожиз иқтисодиётлардаги ишлаб чиқарувчиларни (асосан ўрта тадбиркорлик вакилларини) очиқдан-очиқ йўқ қилишга, бундай мамлакатларни Россия ва Қозоғистон маҳсулотларининг бозорига айлантиришга қаратилган. Ўзбекистон бу Иттифоққа кирадиган бўлса, ўрта тоифадаги ўзбек тадбиркорларининг шўри қурийди.

ЕОИИ деган қамоқхона айнан шу мақсадларда қурилганини Иттифоқнинг антидемпинг чораларидан ҳам билса бўлади. Гап шунда-ки, Иттифоқнинг Иқтисодий комиссияси савдони ҳимоялаш учун ретроактив чоралар қўллаш ҳуқуқига эга. Аниқроқ айтилса, Комиссия ўзи лозим деб топган импорт товарлардан антидемпинг божини ундириш ваколатига эга.

Антидемпинг божи – мамлакатга демпинг қўлланилиб (одатдаги нархидан ёки таннархидан кам баҳода) кириб келган товарлардан ундириладиган бож. Демпинг бутун дунёда қораланади. Бироқ бутун дунёда антидемпинг суриштирувини демпинг товарни қабул қилган мамлакатнинг ўзи ўтказади ва унинг натижалари бўйича антидемпинг божларини ўзи қўллайди ёки қўлламайди.

Евро-Осиё Иқтисодий Иттифоқида эса бу ҳуқуқ фақат Иттифоқнинг Иқтисодий комиссиясига берилган. Шунинг учун бу борада Комиссия ҳеч ким билан маслаҳатлашмасдан қарор қабул қилиш ҳуқуқига эга. ЕОИИ Шартномаси антидемпинг суриштирувини ўтказаётганда комиссияга ЕОИИдаги энг баланд нарҳлардан (амалда - Россиядаги нарҳлардан) келиб чиқишни талаб қилади.

Оддий тилда тушунтирилса, Қирғизистонга учинчи мамлактадан (Иттифоққа аъзо бўлмаган мамлакатдан) ҳеч қандай демпингсиз 100 долларга кириб келаётган маҳсулотнинг Россиядаги нарҳи 150 доллар бўлса, ЕОИИ Иқтисодий комиссияси Россиядаги нарҳдан келиб чиқиб, бу маҳсулотга 50 доллар миқдорида антидемпинг божи жорий қилиши мумкин.

Энг қизиғи шунда-ки, Қирғизистонга кириб келаётган ўша маҳсулотдан олинадиган 50 долларлик антидемпинг божи Қирғизистон бюджетига эмас, Иттифоқ кассасига кетади. Яъни маҳсулотни республика импорт қилади, божини эса амалда Россия олади. Чунки ЕОИИ Шартномаси Иттифоқ ғазнасига келиб тушган тўловларни аъзо мамлакатларнинг Ялпи Ички Маҳсулоти ҳажмидан келиб чиқиб тақсимлашни тақозо қилади.

Бугунги кунда ЕОИИ учинчи давлатлардан (Иттифоққа кирмаган давлатлардан) келаётган айрим маҳсулотларга нисбатан қатор антидемпинг ва махсус ҳимоя чораларини қўллаяпти. Бу чоралар қайси маҳсулотларга нисбатан қўлланиляпти?

Бундай маҳсулотлар сирасига гусеницали тракторлар, юк автошиналари, подшипник, металлқуймалари, пўлат қувурлар, лимон кислотаси, ошхона анжомлари, электродлар, пўлат қувурлар, енгил тижорат автомобиллари, чинни идишлар, ғалла комбайнлари киради.

Ушбу рўйхатга эътибор берилса, ҳудди шундай маҳсулотлар Россияда ҳам ишлаб чиқарилиши эсга тушади. Лекин улар қимматлиги, ёқилғи сарфи боис Иттифоқ ҳудудидан ташқарида (масалан, Германия ёки Японияда) ишлаб чиқарилган маҳсулотлардан орқада қолади. Шунинг учун Россия “антидемпинг чоралари” деган чиройли шиор остида ЕОИИ ҳудудини рақобатчилардан тозаламоқда ва бу ҳудудга ўз маҳсулотларини тиқиштирмоқда.

Қисқаси шу-ки, бу Иттифоқ ва унинг шартномаси асосан Россия ва қисман Қозоғистоннинг манфаатлари учун тузилган. Бошқалар учун бу Иттифоқ қамоқхонадан бошқа нарса эмас. Оддий қамоқхонада маҳбусларга кишан қамоққа киргач тақилса, ЕОИИда ҳали кирмасиданоқ, унинг остонасида тақилади. Чунки ЕОИИга кириш Тартибига кўра, Иттифоққа атиги “кузатувчи бўлиб келган (ҳали аъзо бўлмаган) давлатлар Иттифоқ манфаатларига зид ҳаракатларни амалга оширишдан тийилишлари керак”лиги ёзилган.

Ўзбекистон бу ташкилотга аъзо бўладиган бўлса, кучли иқтисодий инқирозларга юз тутиши мумкин. Биринчи навбатда, йирик давлат акционерлик жамиятлари зарар кўришни бошлайди. Кейинги босқичда қўшма корхоналар, ўрта ва кичик бизнес вакиллари, айниқса, экспортерлар молиявий ботқоққа кира бошлайди. Бу қадам Ўзбекистонни асосан Россияга ва қисман Қозоғистонга иқтисодий жиҳатдан қарам қилиб қўяди. Республика улардан кела бошлайдиган улкан импорт оқимининг қурбонига айланади.

Евро-Осиё Иттифоқига аъзо бўлиш Ғарбнинг Россияга қарши қўллаётган иқтисодий жазо чораларини баҳам кўришни ҳам англатади.  Ғарб нима учун Россияга иқтисодий санкцияларни қўллаяпти? Абхазия, Украина каби қўшниларига нисбатан ҳарбий агрессия уюштиргани учун. Яъни Қримни Россия тортиб олади, Донецк ва Луганскда уруш оловини Россия ёқади, лекин жазосини агрессорнинг бир ўзи тортмайди. Жазони баҳам кўришга Қозоғистон, Беларусь, Арманистон ва Қирғизистон ҳам боради. Мана энди шу жазоларга Ўзбекистон ҳам ошиқмоқда.

Иккинчи мутахассилигим бўйича мен оддий иқтисодчи-бакалаврман. Ўзбекистон ҳукуматида иқтисодиёт докторлари кўплигидан хабарим бор. Масалан, Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродов иқтисодиёт фанлари доктори, жуда ақлли одам. Бир пайтлар Марказий банкда унинг кураторлигидаги департаментда ишлаганман. 1997 йилда Ислом Каримов конвертацияни ёпганда фақат шу одам бунинг зарарли оқибатларини қўрқмасдан тушунтира олган. Лекин конвертацияни ёпиш тарафдорлари Каримовга кўпроқ таъсир ўтказишган, ва бунинг натижасида конвертация узоқ йилларга ёпилган. Бугунги кунда молия ва бошқа иқтисодий вазирликларда ҳам иқтисодчи олимлар ишлашяпти.

ЕОИИга кириш қандай иқтисодий оқибатларга олиб келишини улар ҳам билишади. Мен кўрган хатарларни улар кўрмасликлари мумкин эмас. Лекин улар бу ҳақида Мирзиёевни огоҳлантира олишадими? Тошкент шаҳар ҳокимининг ибораси билан айтганда, президентга хатарларни айтишга уларнинг “дух”лари етадими?

Мен оддий бир ватандош, журналист, назариётчи иқтисодчи сифатида ўз вазифамни бажардим – халқимни келиши муқаррар балодан огоҳлантирдим. Бу ёзганларим ҳукуматга етиб борадими йўқми, билмадим.

Бобомурод АБДУЛЛА,
мустақил журналист

2020 йил 7 январь, Берлин

Комментариев нет:

Отправить комментарий